Тошкентда ноқонуний биноларни бузишнинг янги тўлқини. Юнусободда январь охирида расмийлар Nice Joy кафеси террасасини демонтаж қилишни талаб қилди, қўшни «Фалафел»да эса зудлик билан бузиш бошланди. Муассаса вакиллари конструкцияни қонунийлаштиришга ҳаракат қилгани, аммо рад жавоби олганини айтди.
Ўзбекистонда 2023 йилда 4 мингга яқин ноқонуний қурилиш ҳолати аниқланди. Шунингдек, сўнгги икки йилда кўп қаватли уйларга туташ майдонларда 7 мингдан ортиқ ўзбошимча қурилиш бўлган, яна 5 мингта ҳолатда умумий фойдаланишдаги жойлар тўсиб олинган.
Тошкент вилоятидаги «Дархон» илмий-тажриба станцияси (дендропарк)да ноқонуний қурилган биноларни суд қарори асосида бузиш бошланди. Аввалроқ ҳудудда дарахтлар нобуд қилингани, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидалари бузилгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилганди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилоятида дендропаркда 2017 йилдан буён қатор объектлар ноқонуний қурилгани ва қимматбаҳо дарахтлар кесилгани ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатди. Ўрмон хўжалиги агентлиги, «Дархон» станцияси, Тошкент тумани ҳокимлиги ходимлари ва бошқаларга қарши иш қўзғатилган.
Самарқанд туманида 10 йил давомида ноқонуний қуриб келинган 12 қаватли бинони 2022 йилда сейсмик ҳолати ва бошқа талабларга жавоб бермагани учун бузиш бўйича суд қарори берилган. Шунга қарамай, у ерда қаҳвахона ишлаётгани аниқланди ва МИБга қарор ижросини таъминлаш бўйича хат йўлланди.
Тошкентнинг Юнусобод туманида қўп қаватли уйлар орасига «дом» қурмоқчи бўлган компания вакиллари ва аҳоли ўртасида низо келиб чиқди. Пойтахт ҳокимлиги аҳоли розилигисиз ҳудудда қурилиш амалга оширилмаслигини, ИИББ эса фуқаролар билан жанжаллашган шахслар 10 суткага қамалганини маълум қилди.
Учтепа туманида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси эскиз лойиҳасида 3 қават бўлиши кўрсатилгани, бироқ амалда 12+1 қават қилиб қурилаётгани аниқланди. Қурилиш вазирлиги бошқармаси ҳолатни ўрганиб, бинонинг қўшимча қисмини бузиш бўйича судга даъво аризаси киритди.
Қурилиш вазирлиги Тошкентдаги янги кўп қаватли турар жой биноларидан бирининг томида уй кўринишидаги ноқонуний қурилиш аниқлади. Унинг эгасига жарима солиниб, 15 кун ичида уни бузиш топширилди.
Қурилиш вазирлиги Андижондаги 50-мактаб стадиони ўрнида бино қурилиши лойиҳага ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритилгани учун тўхтатилганини маълум қилди. Вазирлик қурилиш бўйича барча зарур хулосалар олинганини қайд этди. Аввалроқ прокуратура ҳоким қарори қалбаки эканини маълум қилганди.
Андижон шаҳридаги 50-мактаб стадиони ўрнида кўп қаватли турар-жой биноси қурилмоқда. Ёзда ҳибсга олинган шаҳар ҳокимининг ер ажратиш ҳақидаги тегишли қарори сохта бўлиб чиқди.
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида фуқаролар етти қаватли уйнинг томига қўшимча қават қурилаётгани юзасидан норозилик билдирди. Компания мансарда қават ва том қисмига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритган, шу боис тегишли даъво аризаси судга юборилади, дея маълум қилди Қурилиш вазирлиги.
Қибрай туманида икки компания суғориладиган иккита ер майдонида ноқонуний қурилиш ишлари олиб борди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, етказилган зарар 1,8 млрд сўмдан ортиқ деб баҳоланди.
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани «Камолот» маҳалласидаги бешта уйда яшовчи аҳоли дарахтлар ўсиб турган ҳовлида кўп қаватли уй қурилишига қарши чиқди. Улар митинг ўтказишга рухсат олиш учун мурожаат қилишга мажбур бўлганларини айтишди. Туман ҳокимлиги бундай ҳолат бўлмаганига қарамасдан, митингга чақириқ учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди.
Назарбекда мактаб ва болалар боғчасини қуришга мўлжалланган ер участкаси ноқонуний равишда тадбиркорга бериб юборилган. Сенаторлар аралашувидан сўнг у бошлаган қурилиш ишлари тўхтатилди.
Андижон вилоятида 7 қаватли уй қуришга рухсат олган тадбиркор яна бир қават қуриб олгани аниқланди. Ноқонуний қурилиш тадбиркор ҳисобидан бузилмоқда. Бундан ташқари, қурилишдаги техник назоратчининг қурилиш бўйича маълумот ва тажрибаси йўқлиги, савдо йўналишида фаолият юритиши маълум бўлди.
Бухоро шаҳрида портлаган уйнинг 7−8 қаватли этиб қурилиши учун тасдиқланган консепция лойиҳаси бузилиб, ўзбошимчалик билан қаватлар сони оширилганлиги маълум бўлди. Шаҳарсозлик ҳужжатларини тўлиқ расмийлаштирмасдан қурилиш ишларини олиб бораётганлиги учун инспекция ходимлари томонидан огоҳлантириш ҳам берилганлиги айтилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг